Сирдарё вилояти Ширин шаҳри бош архитектори мутахассис аёл билан тил бириктириб, пора олиш ва тамагирлик жиноятини содир этди, деб хабар бермоқда «Ҳуқуқ» газетаси.
Архитектор бир фуқародан укасига аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қуриш учун 3200 квадрат метр ер майдони ажратиш ва бу ҳақда ҳоким қарорини чиқартириб бериш эвазига 200 минг сўм талаб қилди. Талаб қилинган пулни пора тариқасида қабул қилиб олди.
Бундан ташқари, архитектор тадбиркор сифатида фаолият юритишни ният қилган бошқа бир фуқарога ҳам бош ер майдонидан «Автошоҳбекат» ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси қуриш учун 0,8 гектар ер майдони ажратиб бериш эвазига 1000 АҚШ доллари сўради ва 460 минг сўм нақд пул, 60 минг сўмлик дори-дармонни шахсан ўзи, 700 АҚШ долларини эса мутахассис аёл орқали олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қўлга олинди.
Мансаб ваколатини суиистеъмол қилган архитектор ва унинг жиноий шериги бўлган аёлга суд томонидан тегишли жазо тайинланди.
Изоҳ (0)