Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов 27 февраль куни Бухоро ва Навоий вилоятлари сайловчилари билан учрашди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Бухоро вилоятидаги учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 3-Бухоро округ сайлов комиссияси раиси М. Даминов очди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов ўзининг сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, аҳолининг ҳаёт сифати ва даражасини изчил юксалтириш, Ўзбекистонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш каби энг муҳим стратегик мақсадларнинг 10 йўналиши белгилаб берилган. Жумладан, саноатга замонавий технологияларни жорий қилиш ва янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, хусусий мулк ва тадбиркорлик соҳасини кенг ривожлантириш, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини қайта кўриб чиқиш, экин майдонларини оптималлаштириш ва ҳосилдорлигини ошириш, фермерлик ҳаракатини янги босқичга кўтариш, инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, маҳаллийлаштириш дастурини ривожлантириш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, барча давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Учрашувда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи муҳандис-технологи Х. Латипов, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти талабаси, халқаро тоифадаги спорт устаси З. Санақулова, Олот туманидаги «Ойдин» кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Н. Олтиев ва бошқалар тарихан қисқа даврда Ўзбекистон ҳар томонлама ривожланаётган замонавий давлатга айлангани, одамларнинг ҳаёт даражаси, дунёқараши ва маданияти тобора юксалиб бораётганини фахр билан таъкидлади. Президент сайловига тайёргарлик, уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар миллий қонунчилигимиз ва халқаро демократик тамойилларга мос равишда ўтаётганини қайд этди. Сайловчиларни 29 март куни бўладиган Ўзбекистон Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов Навоий вилояти сайловчилари билан ҳам учрашди.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 5-Навоий округ сайлов комиссияси раиси Ў. Мавлонов очди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов учрашувда нутқ сўзлади.
Номзоднинг дастурида Ўзбекистоннинг куч-қудрати, тинчлиги ва осойишталигини янада мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини ҳар томонлама юксалтиришга қаратилган кенг кўламли иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни изчил давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистоннинг дунёдаги тараққий топган давлатлар қаторидан ўрин олишида муҳим омиллардан бири бўлган хусусий мулкчиликни янада ривожлантириш, тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлик ҳаракати, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳаси вакилларини қўллаб-қувватлаш, саноатни модернизациялашга доир ислоҳотларни янги босқичга кўтариш, иқтисодиётда давлатнинг иштирокини қайта кўриб чиқиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, инвестициявий муҳитни такомиллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, барча давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби устувор йўналишлар ўз ифодасини топган.
Учрашувда «Навоиязот» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг ўринбосари Т. Саидов ва бошқалар Ўзбекистонда ижтимоий ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш, давлатнинг халқаро нуфузини ошириш, мустақилликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган бетимсол ишлар халқнинг ҳеч кимдан кам бўлмай, бахтли ва фаровон яшашига, ўз олдига қўйган улуғвор мақсадларига эришишига хизмат қилаётганини ифтихор билан таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёни кўппартиявийлик асосида, очиқлик ва ошкоралик тамойилларига амал қилган ҳолда ўтаётгани мамлакатимизда демократик ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилаётганининг амалдаги ифодаси эканини қайд этди.
Изоҳ (0)