25 февраль куни Тошкент шаҳридаги «Мурувват» ногирон болалар учун 1-сон интернат уйида ёш истеъдодли хонанда Шаҳзод Муродов ўзининг хайрия концертини ўтказди, деб хабар бермоқда «Uz24.uz».
Юзга яқин имконияти чекланган болалар ҳамда уларнинг тарбиячилари Шаҳзод Муродовнинг куй-қўшиқларидан баҳраманд бўлди. Ушбу хайрия концертида хонанда ҳали ҳеч қаерда эълон қилмаган 3 та янги таронасини ижро этди. «Болаларга беринг дунёни, дейишади, мен ҳам шу вақтгача яратган барча қўшиқларимни, шу жумладан, эндигина тандирдан узилган янги қўшиқларимни ҳам биринчи марта шу болалар учун атадим», − дейди хонанда.
Шунингдек, Шаҳзод Муродов нега айнан Мурувват уйида концерт беришга аҳд қилганининг сабабини маълум қилди: «Яқин дўстим бир воқеани сўзлаб берган эди. Унга кўра, бир аёлга шифокорлар саратон касаллигининг ташхисини қўйишгач, у қолган умрини шу Мурувват уйида ўтказишга қарор қилибди. Қарангки, бу ердаги болаларга қаттиқ меҳр қўйганидан-ми, шифо топиб кетибди. Шу воқеадан жуда таъсирландим ва оз бўлса-да, болаларни хурсанд қилишга ҳисса қўшгим келди».
Хайрия концертидан олинган таъсирли фотосуратларни хонанданинг Instagram даги саҳифасида ҳам кўриш мумкин.
Маълумот учун, Шаҳзод Муродов ҳозирда Ўзбекистон давлат консерваториясининг битирувчиси. Унинг «Ўша-ўшасан» номли илк қўшиғи ва унга ишланган клип томошабинлар томонидан илиқ қарши олинган эди.
Шу йилнинг 2 март куни эса умидли хонанданинг «Алам»деб номланган янги қўшиқ премераси «Ўзбегим таронаси», «Водий садоси», «Grand», «Наврўз» ва «Ҳамроҳ» радиостанцияларида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)