25 февраль куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида даврий босма оммавий ахборот воситаларини тарқатишни ташкил қилиш бўйича юзага келаётган муаммоларга бағишланган махсус йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Алоқа ва ахборотлаштириш давлат қўмитасининг ахборот хизматига таяниб, «Uz24.uz» хабар бермоқда.
«Ўзбекистон почтаси» АЖ ҳамда «Матбуот тарқатувчи» АК бош директорлари ўз маърузаларида даврий нашрларни тарқатишни ташкил қилишнинг асосий тамойиллари, етказиб бериш тарифларини шакллантириш, обуна хизматлари учун қўйиладиган нархлар юзасидан маълумот бериб, матбаа маҳсулотларини етказиб беришда юзага келаётган муаммоларнинг сабабларини, хусусан, газета ва журналларнинг ўқувчилар қўлига кечикиб боришида салбий оқибатларга олиб келган омилларни таъкидлади.
Йиғилишда мазкур икки ташкилот раҳбариятига қуйидаги йўналишлар бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш вазифалари юклатилди:
- «Ўзбекистон почтаси» АЖ ҳамда «Матбуот тарқатувчи» АКнинг ходимлари малакасини мунтазам равишда ошириш чораларини кўриш;
- «Ўзбекистон почтаси» АЖ ҳамда «Матбуот тарқатувчи» АК, шунингдек, таҳририятлар ўртасида тузилган шартномаларни қонунчиликда кўзда тутилган шартнома муносабатларига мувофиқ қайта кўриб чиқиш;
- даврий нашрларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш юзасидан маркетинг юритиш ва мониторинг қилиш;
- аҳоли орасида обуна кампанияларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тарғибот тадбирларини ўтказиш, даврий нашрларни етказиб беришдаги камчиликлар юзасидан истеъмолчилар шикоятларига тезкор муносабат билдирадиган хизмат ташкил қилиш;
- даврий нашрларни ўз вақтида етказилишини назорат қилишни такомиллаштириш.
Изоҳ (0)