Бухоро муҳандислик-технология институтининг янги ўқув-лаборатория биноси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Давлат раҳбарининг 2013 йил 15 апрелда қабул қилинган «Бухоро муҳандислик-технология институтини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига биноан қайта ташкил этилган мазкур даргоҳда нефть-газ, кимё саноати технологияси, енгил саноат технологияси ва жиҳозлари, технологик жараёнларни бошқаришнинг ахборот-коммуникациялари тизими, электр- механика ва электр-технология, енгил саноат машиналари ва аппаратларикаби саккиз йўналиш бўйича бакалавр ва магистрлар тайёрланмоқда.
Институтнинг 1000 ўринли ўқув-лаборатория биносида кимёвий технологиялар факультети жойлашган. Унда фаолият кўрсатадиган нефть-газ, кимё саноати ва техника хавфсизлиги кафедраларининг ўқув-аудитория ва лабораторияларида барча шароит муҳайё. Жумладан, дарс машғулотлари ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда, замонавий педагогик технологиялар асосида олиб борилиши учун зарур имкониятлар яратилган.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими М. Эсонов сўзга чиқди.
Изоҳ (0)