Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов 20 февраль куни Сурхондарё вилояти сайловчилари билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссияси раиси А. Аҳмедов очди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов учрашувда нутқ сўзлаб, эътиборни ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишларига қаратди.
Дастурда Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни изчил давом эттириш, фаровон ҳаётнинг мустаҳкам таянчларидан бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қайта кўриб чиқиш, қишлоқ хўжалигини ислоҳ этишни давом эттириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ҳосилдорлигини ошириш, фермерлик ҳаракатини кенг ривожлантириш, маҳаллийлаштириш дастурларини янги босқичга кўтариш, ишлаб чиқаришга юқори технологияларни жорий этиш, сармоявий муҳитни янада яхшилаш, халқнинг турмуш фаровонлигини муттасил юксалтириш каби муҳим масалалар қамраб олинган. Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш ва реал даромадларини ошириб бориш зарурлиги таъкидланган.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар иқтисодиётни барқарор ривожлантириб, халқимизнинг тинч-осуда, фаровон ҳаётини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Мамлакатнинг энг чекка ҳудудларида ҳам замонавий саноат корхоналари барпо этилиб, жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг изчил ривожланаётгани туфайли хусусий секторнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши ошиб бормоқда. Қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгариб, бир-биридан кўркам, барча қулайликларга эга замонавий уй-жой массивлари барпо этиляпти. Фермерлик ҳаракати нафақат қишлоқ хўжалигининг асосий маҳсулотини ишлаб чиқарадиган, балки қишлоқнинг келажагини, тараққиётини ўз зиммасига олган етакчи кучга айланди.
Ўзбекистонда бугунги талабга жавоб берадиган таълим, тиббиёт, спорт иншоотлари бунёд этилиб, замонавий усулда жиҳозланмоқда. Бу борада амалга оширилаётган барча ишлар юртимизда ҳеч кимдан кам бўлмаган баркамол авлодни вояга етказишга хизмат қилмоқда.
Учрашувда меҳнат фахрийси Х. Тангриев, Қумқўрғон туманидаги 1-умумтаълим мактаби ўқитувчиси З. Хидирова, Термиз давлат университети магистранти Н. Қурбонова, кичик сержант М. Раҳимов ва бошқалар Ўзбекистонда мустақилликни, ижтимоий ва иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодиётни янада ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида улкан ишлар амалга оширилаётганини қайд этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёни кўппартиявийлик асосида ўтаётгани мамлакатда демократик ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилаётганининг амалдаги ифодаси эканини таъкидлади. Сайловчиларни 29 март куни бўладиган Ўзбекистон Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Изоҳ (0)