Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов 19 февраль куни Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Хоразм вилоятидаги учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 12-Хоразм округ сайлов комиссиясининг раиси А.Раҳимов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Р.Сабуров йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Номзоднинг сайловолди дастурида муносиб иш ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринларини тақдим этаётган корхоналарда меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, ижтимоий шериклик институтини янада ривожлантиришни изчил таъминлаш, аҳоли, айниқса, олис қишлоқ ҳудудларида бирламчи тиббий ёрдамдан қулай ва тез фойдаланиш имкониятини таъминловчи қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш, фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти, дори-дармон воситаларининг нархи устидан давлат назоратини кучайтириш каби қатор устувор вазифалар белгиланган.
Учрашувда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқаруви раиси О.Ражабов, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Б.Исмоилов, Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши бўлим мудири Н.Одамбоева ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастурида илгари сурилган мақсад-вазифалар ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Қорақалпоғистон Республикасидаги учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссиясининг раиси К.Каримов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Қ.Қурбонбоев йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов ўз сайловолди дастурида илгари сурилган асосий йўналишлар ҳақида сайловчиларга маълумот берди.
Номзоднинг сайловолди дастурида қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларини ошкора ва конструктив муҳокама этишда фуқаролик жамияти институтлари иштироки амалиётини изчил ривожлантириш, ижтимоий шериклик институтини янада ривожлантиришни изчил таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг суд механизмлари оммабоплигини кенгайтириш ва мазкур масалаларда суд назоратини кучайтириш ҳисобига суд қарорлари ижроси сифатини ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва бошқа устувор вазифалар белгиланган.
Учрашувда Халқ демократик партияси Беруний тумани кенгаши раиси Х.Эшимбетов, Қорақалпоғистон Республикаси Маънавият-тарғибот маркази раҳбари Ш.Аяпов, Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат университети талабаси Ҳ.Нуржонова ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кўппартиявийлик ҳамда муқобиллик асосида, халқаро демократик тамойилларга мос тарзда ўтаётганини таъкидлаб, сайловчиларни 2015 йил 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Изоҳ (0)