Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 18 февраль куни Самарқанд ва Жиззах вилоятлари сайловчилари билан учрашди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Самарқанд вилоятидаги учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссиясининг раиси Я.Аллаёров очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Н.Раббимова йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда мамлакатимизда «Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун» тамойили асосида олиб борилаётган сиёсатни ривожлантириш, аҳоли турмуш сифати кўрсаткичларини янада яхшилаш шарти бўлган давлат ижтимоий дастурларини татбиқ этишни изчил давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилган. Ижтимоий-иқтисодий масалаларни фақат давлат ҳокимияти органларининг самарали саъй-ҳаракатлари билан ҳал этиб бўлмаслигини инобатга олиб, ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, корхоналарда ходимларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, бизнес тузилмаларнинг ижтимоий масъулиятини янада ошириш доимий эътибордаги масалалар эканлиги қайд этилган.
Учрашувда Самарқанд шаҳридаги 14-умумтаълим мактаби директори Д.Сайдуллаева, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Қўшработ тумани кенгаши раиси А.Тўхтаров, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Самарқанд шаҳар бўлими мутахассиси М.Ғуломова ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кўппартиявийлик ва муқобиллик асосида ўтаётгани мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик давлат шакллангани, сайлов тизимимиз умумеътироф этилган халқаро нормаларга тўла жавоб беришидан далолат эканини таъкидлади.
Жиззах вилоятидаги учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 4-Жиззах округ сайлов комиссиясининг раиси А.Сатторов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Р.Тўйчиев йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Номзоднинг дастурида иқтисодиётнинг истиқболдаги талабларидан келиб чиққан ҳолда, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, таълим тизимини янада ривожлантириш, мутахассисларни тайёрлашда меҳнат бозори эҳтиёжидан келиб чиқиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилган. Олий ўқув юртларининг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг фан, ишлаб чиқариш ва иқтисодиёт билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, мамлакат таълим тизимининг мутахассисларни мақсадли тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, илм-фан ва таълимга сармоялар, шунингдек, янги технологиялар киритиш масаласи муҳим вазифа экани белгиланган.
Учрашувда «Адолат» СДП Зарбдор тумани кенгаши раиси О.Очилов, Мирзачўл тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси бўлим мудири Х.Абдураимов, Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика институти қошидаги «Сайилжой» академик лицейи ўқитувчиси Д.Ҳакимова ва бошқалар Президентликка номзоднинг сайловолди дастури ва унда белгиланган устувор вазифалар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, Президент сайлови кўппартиявийлик ҳамда муқобиллик асосида, демократик тамойилларга мос тарзда ўтаётганини таъкидлади.
Изоҳ (0)