Жойларда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири 16 февраль куни Наманган шаҳрида бўлиб ўтди. Унда Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов наманганлик сайловчилар билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган округ сайлов комиссиясининг раиси Ғ.Ортиқов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили А.Қирғизбоев йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳ.Кетмонов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда аҳоли бандлигини таъминлаш тизимини доимий равишда такомиллаштириш, аҳолига юқори сифатли ва мақбул тиббий ёрдамдан кенг фойдаланиш имкониятини таъминлаш, демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини шакллантириш борасидаги ва бошқа асосий вазифалар белгиланган.
Учрашувда «Наманган ҳақиқати» газетаси бош муҳаррири М.Парпиев, Ўзбекистон ХДП Уйчи тумани кенгаши раиси, халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати Р.Абдуллаев, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши раиси ўринбосари М.Убайдуллаев ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кўппартиявийлик ҳамда муқобиллик асосида, халқаро демократик тамойилларга мос ўтаётганини таъкидлаб, Президентликка номзоднинг сайловолди дастури ва унда белгиланган устувор вазифалар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Сайловчиларни 2015 йил 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Изоҳ (0)