Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда. Ана шундай учрашувлардан бири 16 февраль куни Термиз шаҳрида бўлиб ўтди. Унда Сурхондарё вилояти сайловчилари Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Акмал Саидов билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссияси раиси А.Аҳмедов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили, Термиз давлат университети профессори С.Турсунов иштирокчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Тадбирда Президентликка номзод А.Саидов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Номзоднинг сайловолди дастурида миллий тикланиш ғоясини амалга ошириш, миллий ўзликни англаш, тарихни ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Шу жумладан, дастурда мамлакатимизда замонавий ривожланган демократик жамиятни шакллантириш, Ўзбекистон тарихини чуқур ўрганиш ва уни кенг тарғиб қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, кучли миллий иқтисодиётни шакллантириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, соғлом ахборот маконини яратиш ҳамда халқаро муносабатларда мамлакатимиз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан бир қатор устувор вазифалар белгиланган.
«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши қошидаги «Ёшлар маркази» масъул ходими Б.Каримов, вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ўқитувчиси С.Тўраева ва бошқалар номзоднинг дастури ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Сайловчиларни 2015 йил 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Изоҳ (0)