Нафақат Жанубий Кореяда, балки бутун дунё ОАВларининг мавзусига айланган Қирол кубогидаги Жанубий Корея − Ўзбекистон ўйинидаги можарога кореялик халқаро ҳакам Жонг Хе Санг ҳам ўз фикрларини билдирди, деб хабар бермоқда «Stadion.uz».
Sports Seul нашрига берган интервьюсида корейс ҳаками ушбу можароли вазиятда Жанубий Корея футбол ассоциацияси қатъиятлироқ бўлиши лозимлигини ва Тоҳир Шамсутдиновга оғирроқ жазо қўллашга эришиш кераклигини таъкидлади. Одатда, ФИФАнинг қонун-қоидаларига мувофиқ, рақибга қўл кўтариб, қизил карточка олган футболчи камида 2 та ўйиндан четлаштирилади. Корейс ҳаками эса бундай жазодан қониқмаслигини жиддий равишда билдирди.
«Қирол кубоги турнири ОФК томонидан ўтказилаётган мусобақа эмас. Ўзбекистонлик футболчига жазони янада кучайтириш учун турнир ташкилотчилари билан фаол ҳамкорлик қилиш керак. Турнир Таиланд томонидан ташкиллаштирилганлигини ҳисобга олсак, улар ўз терма жамоалари эмас, бегона жамоалар иштирокидаги можаро бўлганлигини учун бундай масалаларга эътиборсиз қарашлари мумкин. Бундай вазиятда футбол ассоциациямиз бу можароли вазиятни шундайлигича қолдирмаслиги керак. Фаолликни ошириш керак», − деди кореялик ҳакам.
Корейс ОАВларида берилган хабарларга кўра, Жанубий Корея футбол ассоциацияси кечаги можарога оид барча расмий ҳужжатлар ва норозилик мактубини аллақачон тайёрлаган. Барча ҳужжатлар мусобақа ташкилотчиларига юборилиш арафасида. Жанубий Корея футбол ассоциацияси ушбу ҳужжатларни ОФКга юборишни ҳам режалаштирмоқда. Sports Seul ёзишича, агар иш охиригача олиб борилса, Тоҳир Шамсутдинов 1 йилдан ошиқроқ муддатга барча мусобақаларда қатнашишдан маҳрум бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)