Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманидаги «Баркамол авлод» болалар ижодиёти маркази янги бинода фаолият бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Марказнинг янги биносини қуриш ишларига 704 миллион сўм сарфланди. Кунига 200 дан зиёд ўғил-қиз тажрибали мутахассислар раҳбарлигида ўлкашунослик, бадиий ижодиёт, экология йўналишларида қобилиятини ривожлантириши учун зарур шароит яратилди. Масалан, марказнинг тикувчилик тўгараги 10 та замонавий тикув машинаси билан жиҳозланди. Компьютер синфи ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 февралда қабул қилинган «Мактабдан ташқари таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида вилоят маркази, туман ва шаҳарлардаги «Баркамол авлод» болалар ижодиёти марказларининг бинолари тўлиқ таъмирланди. Айни пайтда 480 га яқин тўгарак фаолияти йўлга қўйилган шундай масканларда 12 мингдан зиёд ёш ўз билим ва маҳоратини оширмоқда.
Изоҳ (0)