Эрон миллий терма жамоаси Осиё кубогининг чорак финалида пенальтилар сериясига кўра ютқазиб қўйганига қарамай, мусобақани тарк этишни истамаяпти. Эрон вакиллари Ироқ устидан ФИФАга шикоят ёзди, деб хабар бермоқда «Stadion.uz».
Ироқ терма жамоаси сафида Осиё кубогида иштирок этаётган Аъло Абдулзаҳро 2014 йил бошида 6 ой давомида Эроннинг «Тракторсозий» жамоасида ўйнаган. Ўша пайтда Эрон Антидопинг қўмитаси унинг организмида допинг моддаси (метелгексанамин) борлигини аниқлаган. Шундан сўнг, Абдулзаҳро Ироқнинг «Аш-Шорта» жамоасига ўтиб кетган. Ярим ҳимоячи Осиё кубогининг чорак финалида бошланғич таркибда майдонга тушиб, 65 дақиқа ўйнаган.
Эрон футбол федерацияси мазкур масала юзасидан ФИФАга иккита мактуб йўллади. Терма жамоа ҳали Австралияни тарк этгани йўқ. Улар душанбагача Сиднейни тарк этмоқчи эмас. Айнан душанба куни Жанубий Кореяга қарши ярим финал бўлиб ўтади. Эрон футболи раҳбарлари ушбу масалани ОФК билан ҳам муҳокама қилмоқда.
Маълумотларга кўра, организмида метелгексанамин моддаси топилган футболчи 6 ойдан 24 ойгача футболдан четлаштирилади.
Эрон терма жамоаси Ироқнинг мусобақадан четлаштирилишидан ва ўзи ярим финалда Жанубий Кореяга қарши майдонга тушишдан умид қилмоқда.
Изоҳ (0)