Бугун, 23 январь куни айрим интернет сайтларда сербиялик ҳужумчи Александр Лепосавични «Навбаҳор» таркибига қўшилганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Аслини олганда хорижлик футболчи Ўзбекистонга келганича йўқ, деб хабар беради «Uff.uz».
Айни пайтга келиб, футболчининг Ўзбекистонга кириш визасини олиши билан боғлиқ барча ҳужжатлар тайёр ҳолатга келтирилган.
Лепосавичнинг ўзи эса Тошкентга ушбу ҳафта охирида етиб келади. Шундан сўнг футболчи жамоа машғулотларига қўшилади. Бевосита тайёргарлик жараёни хусусида сўз юритилса, ҳозирда жамоа кунига икки маҳалдан ташкил этилаётган машғулотларда қатнашмоқда.
Куннинг биринчи ярмидаги машқларда асосий эътибор жисмоний ҳолатни тиклашга қаратилаётган бўлса, иккинчи машғулотда футболчилар кўпроқ тўп билан шуғулланмоқда. Режага кўра «Навбаҳор» эртага «Олмалиқ» жамоаси билан пойтахтдаги дастлабки назорат учрашувида майдонга тушади.
Олмалиқликларга қарши ўтадиган ўйин соат 15.00 да «Чилонзор» ўйингоҳида бошланади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё кубогидаги иштирокини якунлаганлиги сабабли янги ҳафтадан бош мураббий Бахтиёр Ашурматовнинг ўзи машғулотларга бошчилик қилади.
Изоҳ (0)