Бугун, 21 январь куни Мельбурн шаҳрида Осиё Кубоги чорак финалидан ўрин олган Жанубий Корея ҳамда Ўзбекистон терма жамоалари ўйинидан олдинги матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар беради «Stadion.uz».
Матбуот анжуманининг биринчи қисмида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов ҳамда терма жамоа ҳужумчиси Баҳодир Насимов иштирок этди.
Терма жамоа бош мураббийи матбуот анжумани аввалида ушбу босқичда кучсиз жамоа бўлмаслигини ва рақибни қитъанинг энг кучли терма жамоаларидан бири эканлигини таъкидлади.
«Гуруҳ баҳслари ортда қолди ва буёғига ҳар бир баҳс финалдек ўтади. Мағлуб жамоа эса уйига кетади. Бу босқичда кучсиз жамоа бўлмайди. Жанубий Корея терма жамоаси ҳам қитъамизнинг энг кучли жамоаларидан биридир. Эртага ҳам аввалги ўйиндаги каби Мельбурндаги стадионда ўйнаймиз. Шу боисдан ўзимизни мезбондек ҳис қилмоқдамиз», — деди Қосимов.
«Эртага бўлиб ўтадиган ўйинда ҳеч қандай футболчини режадан чиқариб юборганимиз йўқ. Барча футболчилар машғулотларда тер тўкиб ишламоқда. Бугунги машғулотлардан сўнг таркиб борасида аниқ қарорга келамиз», — дея қўшимча қилди Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи.
«Эртага бўлиб ўтадиган ўйин муҳимлигини ҳис қилмоқдамиз. Босимни енга олишимиз керак ва шунда барчаси яхши бўлиши мумкин. Жанубий Корея кучли терма жамоа эканини биламиз. Агар аввалги ўйин каби ҳаракат қила олсак, ўйин биз истагандек кечиши мумкин».
Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи, шунингдек, рақиб футболчиларининг кучли жиҳатларига тўхталиб ўтди.
«Рақиб сафида тезкор футболчилар кўп. Улар икки-уч нафар футболчи билан тезкор ҳужум уюштира олади, шунингдек, кореялик ҳужумчилар тўпни олдинги чизиқларда ушлаб, уни ўз жарима майдонидан узоқлаштириб тура олади. Австралияга қарши ўйинда уларнинг дарвозабони яхши ҳаракат қилди. Кореялик ҳимоячилар ҳам яхши ўйин кўрсата олади».
«Таркибимиздаги ёш футболчиларда босим бўлиши мумкин. Буни олдини олишга ҳаракат қиламиз. Қолаверса, таркибда ўзгаришлар бўлиши ҳам мумкин», — деди Қосимов.
Изоҳ (0)