БАА терма жамоаси бош мураббийи Маҳди Али Эронга қарши кечган баҳсни бошқариб борган япониялик ҳакам Рюзи Сатога нисбатан танқидий фикр билдиргани учун жаримага тортилди, деб хабар бермоқда «Uff.uz».
БАА терма жамоаси Осиё кубоги гуруҳ босқичида Эронга 0:1 ҳисобида мағлубиятга учраган эди. Маҳди Алининг таъкидлашича, Эроннинг голи ўйиндан ташқари ҳолат туфайли бекор қилиниши керак эди. Шунингдек мураббийи Волид Аббосга кўрсатилган сариқ карточкани ҳам ҳакам Сато йўқ жойдан ўйлаб топганини таъкидлаган. Маҳди Алининг айтишича, БАА чорак финалда Япония терма жамоасига қарши ўйнаши туфайли Волид Аббос майдонга туша олмаслиги учун Сато уни атайлаб огоҳлантирган экан. Бироқ мураббийнинг наздида ўша вазиятда ҳатто қоида бузилиши ҳам бўлмаган.
«Мен бундан жуда ҳайратга тушдим. Балки бу огоҳлантиришга сабаб чорак финалда Японияга қарши ўйнаш эҳтимоли бўлганидир», − дейди мураббий.
Шу билан бирга Маҳди Али Ўзбекистон − Саудия Арабистони учрашувини бошқарган Бенжамин Уильямснинг ҳакамлигини баҳолашдан бош тортган. Бенжамин Уильямс бу учрашувда шубҳали пенальти белгилаган ва Ўзбекистон терма жамоаси футболчиларига бешта сариқ карточка кўрсатган эди. Эслатиб ўтамиз, Австралия терма жамоаси мусобақа давомида Ўзбекистонга қарши ўйнаши мумкин ва бу огоҳлантиришлар сабаби шу билан боғланган.
«Менимча бу масалани ОФК кўриб чиқиши керак. Шу сабабли мен бу борада фикр билдира олмайман», − деди Маҳди Али.
Изоҳ (0)