Майами (АҚШ)да КОНКАКАФ (Шимолий ва Марказий Америка ҳамда Кариб денгизи мамлакатлари) минтақасида 2018 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичининг дастлабки икки раундига қуръа ташланди, деб хабар қилади «Stadion.uz» «Euro-football.ru»га таяниб.
Биринчи раундда қуйидаги жамоалар ўзаро баҳслашади:
- Багам ороллари — Бермуд ороллари
- Британия Виргиния ороллари — Доминика
- Барбадос — Америка Виргиния ороллари
- Теркс ва Кайкос — Сент-Киц ва Невис
- Никарагуа — Ангилья
- Белиз — Кайман ороллари
- Кюрасао — Монцеррат.
- Сент-Винсент ва Гренадина — Гайана
- Антигуа ва Барбуда — Сент-Люсия
- Пуэрто- Рико — Гренада
КОНКАКАФда Россиядаги мусобақа учун 35 жамоа кураш олиб боради. Бу минтақадан 3 жамоа ЖЧга тўғридан-тўғри йўл олади, яна бир терма жамоа эса қитъалараро плей-офф баҳсида майдонга чиқади.
КОНКАКАФда саралаш босқичи 5 раунддан иборат. Биринчи босқичдаги ўйинлар 23 ва 31 март кунлари бўлиб ўтади. Иккинчи раунд баҳслари июнда ўтказилади, август—сентябрда учинчи раунд ўйинлари ўтказилади. 2015 йил ноябридан бошлаб 4-босқич бошланади. Унда ЖЧ—2014 иштирокчилари — Коста-Рика, Мексика, АҚШ ва Гондурас, яна Панама ҳамда Тринидад ва Тобаго ҳам қатнашади. 12 жамоа уч гуруҳга бўлинади, улар орасида энг кучли 6 жамоа сўнгги босқичга йўл олади. 5-раунд учрашувлари 2016—2017 йилларда ўтказилиши режалаштирилган.
Осиёда саралашнинг дастлабки ўйинлари 12 март куни бўлиб ўтади. Қуръа ташлаш маросими эса февралда ўтказилиши керак. Океания минтақасида жаҳон чемпионати — 2018га саралаш босқичи минтақавий Миллатлар Кубоги якунларига кўра аниқланади. Августда бошланадиган турнир ғолиби қитъалараро плей-офф босқичи ва Конфедерациялар Кубоги — 2017 да иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Европа ва Африкадаги саралаш ўйинларига 25 июль куни Санкт-Петербургда қуръа ташланади. Шу ерда Жанубий Америкадаги турнир календари ҳам тасдиқланади. Жанубий Америка ва Африкада саралаш босқичи шу йилнинг кузида бошланади. Европада эса 2016 йилнинг кузида старт олади.
ЖЧ—2018 ўйинлари 14 июндан 15 июлгача Россиянинг 11 шаҳридаги 12 та стадионда бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)