Сиднейдан Брисбен шаҳрига кўчиб ўтган Ўзбекистон миллий терма жамоаси режага кўра кеча, 12 январдан Хитойга қарши ўйин олдидан машғулотларга киришди. Машғулотлар давомида терма жамоа бош мураббийи ўйиндан олдин ҳар хил тактик схемаларни синаб кўрмоқда, деб хабар беради «Uff.uz».
Қайд этиш жоиз, машғулотларни Хитой ва Ўзбекистондан ташриф буюрган журналистлар ҳам кузатмоқда. Ўйиндан олдинги расмий машғулотни ҳисобламаганда ҳар бир машғулотни Миржалол Қосимов журналистлар учун очиқ деб эълон қилган. ОАВ ходимлари ҳам, ўз навбатида, яратилган қулайлик ва машғулотларнинг очиқ тарзда ўтаётгани учун Миржалол Қосимовга миннатдорчилик билдирмоқда. Боиси, регламентга кўра, ҳар бир терма жамоа мураббийи машғулотларнинг илк 15 дақиқасидан сўнг, терма жамоа машғулотини ёпиқ деб эълон қилиши мумкин.
Таъкидлаш лозим, ушбу учрашувга, айниқса, Хитой ОАВда қизиқиш жуда юқори. Маълумотларга кўра, Осиё Кубоги баҳсларини ёритиш учун Австралияга Хитойдан 200 га яқин журналист ташриф буюрган.
Яна бир қизиқарли маълумотга кўра, мезбон — Австралиядан кейин айнан Хитой терма жамоаси Австралияда энг кўп мухлисга эга жамоа ҳисобланади. Саудия Арабистони терма жамоасига қарши кечган 1-тур ўйинида Ален Перрен шогирдларини 11 мингга яқин хитойлик мухлис стадионда қўллаб-қувватлаб турди. Улардан 7 минг нафари Хитойдан ташриф буюрган бўлса, 4 минг нафари маҳаллий хитойликларни ташкил этди.
Хитойга қарши ўйин бўлиб ўтадиган Брисбен шаҳрида икки кун давомида ҳаво ҳарорати 20 даража атрофида иссиқ бўлди. Куннинг ўртасида эса ҳаво ҳарорати 30 даража иссиқни ташкил қилмоқда. Баъзи вақтларда шаҳарда ёмғир ёғиши кузатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Хитой ҳамда Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги ўйин эртага, 14 январь куни Брисбендаги 52 минг мухлисни сиғдира оладиган «Брисбен Санкроп» стадионида бўлиб ўтади. Ўйин маҳаллий вақт билан 19:00 да (Тошкент вақти билан 14:00 да) бошланади.
Изоҳ (0)