12 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Парламент қуйи палатасининг биринчи мажлисини қонун ҳужжатларига мувофиқ марказий сайлов комиссиясининг раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов очди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси расмий сайтида хабар берилди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, марказий органлар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этди.
Депутатлар еттита масаладан иборат кун тартибини тасдиқлади.
Марказий сайлов комиссиясининг раиси Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайлов якунлари тўғрисида ахборот берди. Бунда Ўзбекистонда парламент сайлови сифат жиҳатидан янги ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий шароитларда, очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик каби демократик принциплар асосида, қонун ҳужжатларининг талабларига, умум эътироф этилган халқаро нормалар ва андозаларга тўла мувофиқ тарзда ўтказилганлиги алоҳида таъкидланди.
Сайлов кампанияси давомида сиёсий партияларга ташвиқот ўтказиш, ўз сайловолди дастурларининг қоидаларини оммавий ахборот воситалари орқали аҳоли кенг қатламларига етказиш учун тенг шароитлар яратилди. Қонунга мувофиқ Ўзбекистон фуқаролари ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш учун кенг имкониятларга эга бўлди. Сайлов жараёнига тайёргарлик кўриш ва унинг боришини дунёнинг кўплаб мамлакатларидан келган юзлаб халқаро ва Ўзбекистон кузатувчилари кузатиб борди.
Умуман олганда, бўлиб ўтган сайловлар электоратнинг фаоллиги, сиёсий ва ҳуқуқий етуклиги ўсганлигини ёрқин намойиш этди. Сайлов Ўзбекистон халқининг демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, халқ фаровонлиги ва Ватан равнақини оширишга қаратилган иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлидаги уюшқоқлигининг кўзгуси бўлди.
Илгарироқ Қонунчилик палатасига сиёсий партиялардан ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатларнинг таъсис йиғилишлари бўлиб ўтиб, мазкур йиғилишлар якунларига кўра, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракциялари, шунингдек, Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи шакллантирилди, уларнинг раҳбарлари сайланди. Мажлис чоғида палата аъзолари сиёсий партиялар фракцияларини ва Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳини рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Изоҳ (0)