Олмалиқ шаҳрида Тошкент вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси авария-қутқарув отряди ва шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлимининг реконструкция қилинган биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар ва Ички ишлар вазирликлари, маҳаллий ҳокимликлар вакиллари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири, генерал майор Т. Худайбергенов ва бошқалар Президент раҳнамолигида фуқаролар муҳофазаси, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш борасида изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Тошкент вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси авария-қутқарув отряди биноси қутқарувчилар фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинган ҳолда тўлиқ реконструкция қилинди. Жумладан, янги спорт зали замонавий тренажёр билан таъминланди, шунингдек, қутқарувчилар дам оладиган ва психологик ёрдам хонаси жиҳозланди.
Бундан ташқари, Тошкент вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси авария-қутқарув отрядига янги асбоб-ускуна ва анжомлар, махсус автотранспорт воситаси тақдим этилди.
Тез орада янги бинода ўқув маркази ишга тушади. Бу ерда вилоят саноат корхоналари ходимлари ва аҳолига фавқулодда вазиятлар рўй берганда қандай ҳаракатланишни ўргатиш бўйича ўқувлар ташкил қилинади.
Изоҳ (0)