Люкс тоифасидаги смартфонлар ишлаб чиқарувчиси Tonino Lamborghini Mobile қиймати 6000 АҚШ долларига тенг 88 Tauri моделини тақдим қилди. Тақдимот маросими 6 январга ўтар кечаси Лас-Вегасда CES-2015 истеъмол электроникаси кўргазмаси очилиши олдидан бўлиб ўтди. Бу ҳақида Agence France-Presse хабар қилмоқда.
Электроника нархлари пасайишининг умумий тенденциясига қарамай, итальян компанияси энг қимматли моделини ишлаб чиқди. Бироқ, бозорда янада қимматроқ моделлар, хусусан, Vertu компаниясининг смартфонлари ҳам мавжуд.
Қурилманинг корпуси зангламайдиган пўлат ва теридан ишланган. Смартфон Full HD ўлчамли (1920х1080 нуқта) 5 дюймли экран, 20 мегапикселли камерага эга. Унда дунё бўйлаб сафарлар давомида операторларни алмаштиришда қулайлик яратиш учун иккита SIM-карта қўллаб-қувватланади. Смартфон 5 та рангда тақдим этилади.
Агентликнинг қайд этишича, Tonino Lamborghini Mobile компаниясининг ҳозирда Volkswagen компаниясига тегишли Lamborghini брендига алоқаси йўқ. Бироқ, у автомобиль компаниясига асос солган Феруччио Ламборгинининг ўғли томонидан яратилган.
Изоҳ (0)