Малайзия ва америкалик қутқарувчилар Ява денгизида AirAsia авиакомпанияси самолёти қулаган жойдан яна етти кишининг жасадини топди. Бу ҳақда 2 январь, жума куни Индонезия Ғарбий флоти қўмондони адмирал Видодо маълум қилди, дея хабар бермоқда «Kun.uz» «РИА Новости»га таяниб.
«АҚШнинг Sampson ҳарбий кемаси олти кишининг жасадини, Малайзиянинг Hang Lekir кемаси бир кишининг жасадини топди», — деб адмиралнинг сўзларидан иқтибос келтириб ўтди «Detik.com» интернет-портали.
Аввалроқ индонезиялик қутқарувчилар 9 кишининг жасадини топганликлари ҳақида хабар берилган эди.
Адмиралнинг сўзларига кўра, АҚШнинг Sampson эсминеци қурбонларни қидирув-қутқарув операциясининг бош базасига айланган Калимантан (Борнео) оролининг жануби-ғарбидаги Панкаланбуун шаҳрига етказади.
Малайзиялик ҳарбий денгизчилар эса самолёт бўлакларини Индонезия Ҳарбий денгиз кучларининг Banda Aceh кемасига ортади. У ердан бу топилмалар вертолёт ёрдамида бош базага етказилади.
Изоҳ (0)