31 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Комиссия раиси М. Абдусаломов олиб борди, деб хабар берилди Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси расмий сайтида.
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонуннинг 52-моддасига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг сайловини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқди.
Мазкур Қонуннинг 50-моддасига кўра, Сенат аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — олти кишидан сайланади. Олий Мажлис Сенатига сайлов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.
Марказий сайлов комиссиясининг қабул қилинган қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг сайлови бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлислари 2015 йил 13—14 январь кунлари ўтказилиши лозим.
Комиссия аъзолари шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови бўйича айрим сайлов округларида 2015 йил 4 январда ўтказиладиган такрорий овоз беришга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан белгиланган комплекс тадбирлар ижросини кўриб чиқди.
Такрорий овоз бериш ўтказиладиган 22 та сайлов округида такрорий овоз беришни қонун талаблари асосида, уюшқоқлик билан юксак демократик савияда ўтказиш учун барча ташкилий чоралар кўрилди. Такрорий овоз бериш бўйича сайлов бюллетенлари Марказий сайлов комиссияси томонидан нашр қилиниб, ўз вақтида тегишли сайлов округлари ва участкаларига етказиб берилди.
Мажлисда Марказий сайлов комиссияси ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Изоҳ (0)