Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 2 декабрь куни Хитой давлат тараққиёт банки (ХДТБ) иштирокида Ўзбекистон телекоммуникация тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилишга доир инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади.
Унга биноан, ушбу соҳадаги тўртта лойиҳани амалга оширишда «Ўзбектелеком» ва Хитойнинг Huawei Technologies компанияси ўртасида телекоммуникация ускуналарини етказиб бериш бўйича тузилган умумий қиймати 117,6 миллион долларлик шартномалар инобатга олинади. Кўрсатилган лойиҳаларни амалга ошириш муддати 1 йил-у 3 ой этиб, «Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясининг «Телеком Инвест» филиали бош пудратчи қилиб белгиланган.
Шартнома қийматининг 15 фоизи − 17,6 миллион доллар «Алоқабанк» кредити ҳисобига, 85 фоизи − 100 миллион АҚШ доллари Хитой давлат тараққиёт банкининг 9 йил муддатга, жумладан 3 йиллик имтиёзли давр билан берилган кредити ҳисобига молиялаштирилади. Қўшимча харажатлар «Ўзбектелеком»нинг 12,5 миллион доллар миқдоридаги ўз маблағлари эвазига қопланади.
UzMobile миллий мобил алоқа оператори тармоғини яратиш лойиҳасининг умумий қиймати 39 миллион доллар бўлиб, бундан 29,8 миллион доллари ХДТБ кредити, 5,2 миллион доллари «Алоқабанк» кредити, 3, 9 миллион доллари «Ўзбектелеком» маблағлари ҳиссасига тўғри келади. Ушбу лойиҳа доирасида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудига 1,6 миллионта рақам ва 960 та базавий станция учун коммутация ускуналарини олиб келиш кўзда тутилган.
Изоҳ (0)