11 декабрь куни 13—16 ёшли болалар иштирокида Тошкент шаҳри Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Биз келажакка ишонамиз!» мавзусида республика ёшлар Форуми ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Маънавият тарғибот маркази ахборот хизмати хабар бермоқда.
«Биз келажакка ишонамиз!» мавзусидаги Форумнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят босқичлари жорий йилнинг 9—10 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда юқори савияда ташкил этиб ўтказилди. Ушбу Форум доирасида ҳар бир вилоятда энг камида 300 нафардан ёшлар қамраб олинди.
Форум орқали ёшларни қайси соҳага қизиқишлари аниқланиб, улар билан психологлар, муаллимлар, айниқса, ота-оналарининг шундай болалар билан ишлаб, қизиқишлари бўйича тўғри йўналтириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказишни таъминлаш, Ватанга муҳаббатли, бунёдкор ғояларга бой, рақобатбардош, етук ўзбек фарзанди этиб тарбиялаш асосий мақсад қилиб олинган.
Форум Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияси, Республика Маънавият тарғибот маркази, Ички ишлар, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази, В.М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳар филиали, «Камолот» ЁИҲ, «Истиқболли авлод» Ёшлар маркази, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоят ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги умумтаълим мактабларида, ўрта махсус, касб-ҳунар коллежларида ва академик лицейларда таълим олаётган 13—16 ёшлардаги ўқувчи-ёшлар, Республика Маънавият тарғибот маркази, ҳамкор вазирлик, идора ва ташкилотлар ходимлари, таниқли санъаткорлар, актёр ва актрисалар, хонандалар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Форумнинг очилиш маросими Алишер Навоий номидаги кутубхонанинг мажлислар залида бўлиб ўтди. Форумнинг асосий қисмида секцияларда иш олиб борилди. Форумда саккизта секция қуйидаги йўналишларда иш олиб борди:
- Педагогик:
- Психологик;
- Маданият ва санъат;
- Жиноятчиликни олдини олиш;
- Нотиқлик ва мулоқот маданияти;
- Экология;
- Тамаки, ичкилик ва касалликларга қарши кураш;
- Рассомчилик.
Форумнинг якуний қисмида иштирокчиларга Республика Маънавият тарғибот марказининг эсдалик совғалари ҳамда сертификатлар топширилди.
Изоҳ (0)