Сурхондарё вилоятида автотранспорт хизмати сифатини ошириш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда, деб хабар берди Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ахборот хизмати.
2013−2015 йилларда Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг ижроси доирасида вилоятда аҳолига транспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш бўйича ишлаб чиқилган назорат режасига асосан йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар учун GM Uzbekistan’нинг Хоразмдаги корхонасида ишлаб чиқарилган 126 дона Damas русумли автотранспорт воситалари сотиб олинишига амалий кўмаклашиш белгиланган эди.
Яқинда Денов туманидаги «Юсуф транс Денов» масъулияти чекланган жамияти томонидан банк кредити ҳисобига 20 дона Damas автомашиналари харид қилиниб, туманда янги очилган ШЙТ-310 «Денов Саидота бекати – Чуқур қишлоқ – Денов Саидота бекати» (Денов Педагогика коллежи орқали айланма) ҳамда ШЙТ-311 «Денов Саидота бекати – Тиббиёт коллежи» (Заҳартепа қишлоғи орқали) шаҳар атрофи йўналишли такси йўналишларига чиқарилди.
Янги йўналишлар очилиши ва уларда Damas автомашиналари қатнови йўлга қўйилиши натижасида 20 та янги иш ўрни яратилди. Шу билан бирга, аҳоли, айниқса қишлоқлар аҳолиси сифатли автотранспорт хизмати билан таъминланди.
Изоҳ (0)