Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтининг «Консуллик масалаласи» бўлимига Ўзбекистон фуқароларининг биопаспорт расмийлаштириши тўғрисида янги маълумотлар киритилди. Бу ҳақда Вазирлик ўзининг Facebook’даги саҳифасида маълум қилган.
«Kun.uz» ТИВ сайтининг бу масалага бағишланган саҳифасига таяниб маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти республика ҳудудида ҳам, ташқарисида ҳам паспорт эгасининг шахси ва унинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқлайдиган ҳужжат саналади.
ICAO (Халқаро фуқаролик авиацияси ташкилоти) тавсиялари асосида Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти туғилгандан то бир ёшга тўлгунча икки йиллик муддатга; бир ёшдан то ўн олти ёшга етгунча беш йиллик муддат билан расмийлаштирилади. Бунда паспортнинг амал қилиш муддати фуқаронинг 16 ёшидан ошмаслиги керак. 16 ёшдан эса паспорт 10 йил муддатга берилади.
Истисноли ҳолатлардагина, республикадан четга чиқаётганда ёши 15 ёшдан ошган бўлса, паспорт 16 ёшга тўлмаган шахсга 10 йилга берилиши мумкин.
Фуқаро бошқа давлатларга узоқ муддатга кетаётганда паспортнинг амал қилиш муддати бир йилдан камроқ бўлсагина алмаштирилиши мумкин.
Биометрик маълумотли паспортлар белгиланган намуна бўйича тайёрланади ва ICAO тавсияларига мувофиқ лотин ёзувида ўзбек ва инглиз тилларида ёзилади. Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси учун эса — қорақалпоқ, ўзбек ва инглиз тилларида шахсийлаштирилади.
Янги паспортга суратлар ёпиштириш ўрнига чоп этиш йўли билан киритилади, бу унинг қалбакилаштиришдан ҳимояланганлик даражасини оширади.
Шунингдек, ТИВ сайтидаги саҳифада фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг хориждаги ваколатхоналарида биометрик паспорт берилиши тартиби ҳам келтирилган.
Изоҳ (0)