Даъвогарлар гуруҳи берган маълумотларга кўра, Apple компанияси фойдаланувчиларни огоҳлантирмай туриб, iTunes’дан бошқа манбалардан кўчириб олинган мусиқаларни iPod қурилмаларидан ўчириб ташлаган. Бу ҳақда Калифорния штатининг Окленд шаҳри суд маҳкамасида бўлиб ўтган суд мажлисида корпорацияни антимонополия қонунчилигини бузганликда айблаётган бир гуруҳ даъвогарларнинг манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат Патрик Каглин эълон қилди, деб хабар беради «Кун» ТАСС маълумотига таяниб.
Ҳуқуқшунос маълумотларига кўра, бу ҳолат 2007—2009 йилларда юз берган. Даъвогарлар бу компания ҳамкор бўлмаган бошқа компаниялардан мусиқа кўчириб олишга тўсқинлик қилганлиги учун ундан 350 миллион доллар миқдорида товон пули тўлашни талаб қилмоқда.
Каглиннинг сўзларига кўра, бошқа манбалардан мусиқаларни такроран кўчириб олишга ҳаракат қилган фойдаланувчиларнинг қурилмалари экранига хатолик юз бераётгани ҳақидаги хабар чиқарилган, бироқ тизим бу муаммони ҳал қилишга имкон бермаган.
Ўз навбатида, Apple’нинг вакиллари қонунни бузмаганликларини ҳамда бундай йўл тутиш хавфсизлик нуқтаи назаридан амалга оширилганлигини таъкидламоқда.
Қайд этилишича, шикоятлар iPod Classic, iPod Shuffle, iPod Touch, iPod Nano қурилмаларига тааллуқлидир.
Изоҳ (0)