Буюк Британияда истиқомат қилувчи шахс Ҳайдовчилар ва транспорт воситаларини лицензиялаш агентлиги томонидан ташкил этилган кимошди савдосига қўйилган автомобиль рақами учун 518 минг фунт стерлинг (813 минг доллар) тўлади. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Кимошди савдосига қўйилган «25 О» автомобиль белгиси Ferrari машиналарини сотувчи Жон Коллинсга насиб қилди. «25 О»ни харид қилишдан уч соат аввал «250 L» белгисини 130 фунт стерлинг (тақрибан 203 доллар)га сотиб олган британияликнинг сўзларига кўра, у белгиларни харид қилишда рақамнинг автомобиль русуми билан боғлиқ бўлишига кўпроқ эътибор қаратади.
Хусусан, Коллинс «25 О» белгисининг 10 миллион фунт стерлинг (қарийб 15,6 миллион доллар) билан нархланган 250 SWB Ferrari автомобилига жуда мос тушишини айтиб, рақамни қўлга киритишга қатъий қарор қилганини маълум қилди.
Қайд этиш жоиз, автомобиль рақамини харид қилишда тўланган маблағ миқдори бўйича рекордни 2008 йилда Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида истиқомат қилувчи Саид Ҳури ўрнатган: у «1» рақамига 14 миллион доллар эвазига сазовор бўлган.
Изоҳ (0)