Қирғизистоннинг Ўш вилояти Аравон туманидаги мактаблардан бирида Ўзбекистон мадҳияси қўйилгани билан боғлиқ можародан сўнг туман раҳбарияти ўзгарди. Бу ҳақда «24.kg»га асосланиб «Kun.uz» хабар бермоқда.
Қайд этишларича, туман акими (ҳокими) Шомил Ортиқов ва унинг ўринбосари Абдилаким Гапаров эгаллаб турган вазифасидан озод этилган. Бу ҳақдаги тегишли фармойишни Қирғизистон бош вазири Жўмарт Оторбаев имзолаган.
Бошқа бир фармойиш билан Қурбонбек Айтибаев Аравон тумани давлат маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган. Қайд этишларича, амалдорлар истеъфо ҳақида ариза берган, бош вазир эса уларнинг илтимосини қаноатлантирган.
Октябрь ойи охирида Аравон туманининг Тепақўрғон овул округидаги С. Матқосимов номидаги 1-сон мактабнинг 90 йиллигини нишонлашга бағишланган ва маҳаллий раҳбарлар иштирокида бўлиб ўтган байрам тантаналарида Ўзбекистон мадҳияси ижро этилган. Бироқ Шомил Ортиқов бу фактни рад этган эди.
Қирғизистон ҳукуматидаги манбаларнинг маълум қилишича, туман ҳокимининг истеъфоси мактабда рўй берган ҳодиса билан боғлиқ эмас. Айни вақтда, маълумотларга кўра, прокуратура органлари тумандаги мактабда ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон мадҳияси ижро этилганми-йўқми, шу масалани текширишга киришган.
Изоҳ (0)