Тошкент шаҳрида замонавий интеграллашган комплекс хавфсизлик тизими ёрдамида турли мулкчилик шаклидаги қўриқланадиган объектлар хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бағишланган анжуман ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари Б. Қурбонов, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Қўриқлаш» бирлашмаси бошлиғи Т. Нажимов ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда замонавий қўриқлаш ва хавфсизлик воситаларини татбиқ этиш ишларига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Айни пайтда ички ишлар идоралари ҳузуридаги қўриқлаш бўлинмаларида 170 дан ортиқ техник қўриқлаш пункти фаолият кўрсатмоқда. Соҳага энг илғор замонавий технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Техник қўриқлаш йўналишини ислоҳ қилиш 2013—2016 йилларга мўлжалланган бўлиб, уч босқичда амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда интеграллашган маълумотни узатувчи «Приток-А» қурилмаси хизматга жорий этилиб, синовдан ўтказилди. Бу қурилма кўп функцияли бўлиб, симли ва шиша толали алоқа тармоқларида ишлайди.
Қўриқлаш хизматига замонавий технологияларнинг жорий қилиниши кўп қаватли бинолар умумий кириш эшикларини интеграллаштирилган қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситалари ҳамда видеокузатув мосламалари орқали қўриқлаш, инсон ҳаёти ва соғлиғининг хавфсизлигини таъминлаш каби имкониятларни яратмоқда.
Эътиборлиси, телефон алоқаси мавжуд бўлмаган жойларда уяли алоқа каналлари орқали қўриқлашни амалга ошириш қурилмасини модернизациялаш учун талаб этиладиган ускуналарни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш устида иш олиб борилмоқда.
Тадбирда қўриқлаш хизматида ахборотлаштирилган марказий кузатув ва хабар узатиш техник пунктларини барпо этиш, объектларни замонавий периметриал қўриқлаш тизими ёрдамида қўриқлаш ҳамда ёнғиндан огоҳлантирувчи воситалар билан жиҳозлаш, видеокузатув воситаларининг самарадорлиги каби мавзулар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Изоҳ (0)