Америкалик таниқли боксчи Майк Тайсон англиялик ёзувчи Уильям Шекспирнинг «Отелло» пьесаси асосида суратга олинаётган фильмда Отелло ролини ўйнаш истагини билдирди. Бу ҳақда Mirror’га асосланиб Stadion.uz хабар бермоқда.
Тайсоннинг сўзларига кўра, у ҳозирча театр саҳнасига чиқишга тайёр эмас, шу сабабли у ўзини дастлаб телевидениеда синаб кўрмоқчи. «Мен Шекспир асарининг экранлаштирилишида иштирок этишни жуда ҳам хоҳлаяпман… Айнан қайси ролни хоҳлашимни аниқ айта олмайман, бироқ Отеллони ўйнаш қизиқарли бўларди», – дея боксёрнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда газета.
«Шекспирнинг экранлаштирилишида ўйнашдан ҳам ажойиброқ нарса борми ўзи? Бу қора йигит… Мени Отелло сифатида тасаввур қила оласизми?», – дея журналистларга савол билан мурожаат қилди Тайсон Лас-Вегасда бўлиб ўтган Soul Train Awards мусиқа мукофоти тақдимотида.
Маълумот учун, Тайсон 55дан ортиқ фильмларда суратга тушган бўлиб, уларнинг аксариятида айнан Майк Тайсон ролини ижро этган. Тайсон суратга тушган яна икки фильм яқин орада прокатга чиқарилиши керак.
Изоҳ (0)