Тошкент шаҳрида «Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик темир йўл компанияси ҳамда «Қазақстан темир жоли» миллий компанияси вакиллари 2013 йил ва 2014 йилнинг 10 ойида олиб борилган ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Қозоғистон темир йўл компанияси матбуот хизмати хабар берди.
Ҳозирда 2013 йилнинг шу давридаги ташилган юк ҳажми сақланиб, 15,9 миллион тоннани ташкил этгани қайд қилинди. 2014 йилги юк ташиш ҳажмини ошириш мақсадида сентябрь−декабрь ойларида Қозоғистон Ўзбекистон учун пахта ва ўғитлар, Ўзбекистон эса Қозоғистон учун ғалла ва ун маҳсулотларини ўз ҳудудидан олиб ўтишнинг нархини пасайтириш бўйича келишувларга эришилган.
Пасайтирилган нархлар саналган маҳсулотлар учун иккала томон тариф сиёсати базавий ставкаларининг 0,80 коэффициентига тенглаштирилган. Ушбу нархларни 2015 йилда ҳам сақлаб қолишга келишилган.
Музокаралар чоғида ўзаро ҳамкорликнинг бошқа муҳим масалалари борасида фикрлар алмашилган. Якунда томонларнинг кейинги учрашувини 2015 йилда Қозоғистон Республикасида ўтказишга келишилган.
Изоҳ (0)