Rolls-Royce компанияси фақатгина Дубайдаги мижозлар учун мўлжалланган Maharaja Phantom Drophead Coupe кабриолетини тақдим этди. Бу ҳақда Worldcarfans ахборотига таяниб, «Кун» хабар бермоқда.
Ишлаб чиқарувчи вакилларининг сўзларига кўра, автомобилни тайёрлаш вақтида Ҳиндистон «олтин асри» санъатидан илҳом олинган.
Кабриолет ҳинд маҳаражаларининг Rolls-Royce билан «энг узоқ давом этган муносабатлари» шарафига ишлаб чиқарилган.
Қайд этилишича, сўнгги 50 йил давомида Ҳиндистоннинг бадавлат шахслари 840 дан ортиқ Rolls-Royce автомобилларини сотиб олган.
Янги кабриолет яшил чизиғи ва Ҳиндистоннинг қадим тимсоли — товус тасвири туширилган оқ рангли кузови билан ажралиб туради. Қушнинг тасвири ўриндиқларнинг бош қўядиган қисмига туширилган.
Автомобилнинг техник кўрсаткичлари ўзгаришсиз қолган — машина ҳажми 6,7 литр ва 460 от кучига эга 12 цилиндрли двигатель ва саккиз босқичли автомат узатмалар қутиси билан таъминланган.
Автомобиль махсус версиясининг нархи ҳозирча ошкор қилинмаяпти.
Изоҳ (0)