13 ноябрь куни Португалия полицияси коррупция, жиноий даромадларни лэгаллаштириш ва ишлатиб юборишда гумон қилинган 11 нафар мансабдор шахсни ҳибсга олди. Бу ҳақда «Европейская правда» хабар бермоқда.
Барча айбловлар ўзига тўқ хорижий сармоядорларга «олтин виза» бериш билан боғлиқ, дейилади Expresso хабарида.
Маълумот учун, «олтин виза» Португалия ҳукумати томонидан 2012 йил якунида қарз инқирози вақтида тузилган дастур бўлиб, у Европа Иттифоқи фуқаролари бўлмаган, кўчмас мулкка сармоя киритган шахсларга вақтинчалик яшашга рухсат беришни кўзда тутади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг қайд этишича, тергов ҳаракатлари бир неча ойдан бери давом этмоқда. Мамлакатнинг турли қисмларида олиб борилаётган операцияга 200 га яқин киши жалб қилинган.
Маълум қилинишича, ҳибсга олинганлар орасида Адлия вазирлигининг Бош котиби Мария Антония Анес, Рўйхатдан ўтиш ва нотариат масалалари бўйича институт президенти Антонио Фигейредо ҳам бор. Операция давомида, шунингдек, Муҳожирлик ва чегара назорати хизмати директори Мануэль Жармел Палос ҳам қўлга олинган.
Бош прокуратура бошқа шахслар ҳам ҳибсга олингани, шунингдек, мамлакатнинг турли қисмларида 60 га яқин кишига қидирув эълон қилинганини тасдиқлади.
Изоҳ (0)