Ўзбекистон U19 қизлар терма жамоаси саралашдан муваффақиятли ўтиб, келаси йили Хитойда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритди, деб хабар бермоқда Stadion.uz.
Ўзбекистонлик қизлар йўлланма нақд қилишлари учун сўнгги турда саралаш мусобақасига мезбонлик қилган Иордания билан камида дуранг ўйнашлари шарт эди. Боиси, дастлабки иккита турда ҳар иккала терма жамоа ғалаба қозониб, ўзбекистонликлар яхшироқ тўплар нисбатига эга эдилар.
Вячеслав Солохо шогирдлари Иордания устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Биринчи бўлимда ҳисоб очилмади. Иккинчи бўлим бошида Нодира Мўйдинова Ўзбекистонни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Ўйин тугашига 7 дақиқа қолганида Нилуфар Қудратова мезбонлар дарвозасига 2та тўп йўллаб, йўлланманинг ҳақиқий эгаси ким эканини исботлаб қўйди.
Шу тариқа, Қудратова саралашнинг ҳар учала ўйинида умумий ҳисобда жами 7 та гол уришга муваффақ бўлди. Мўйдинова ҳисобига эса 4 та гол ёзилди. Дарвозабонимиз Лайло Тиловова ўз дарвозасидан бирорта ҳам гол ўтказиб юбормади.
Изоҳ (0)