Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Ўзбекистон менежерлар уюшмаси ва «Паррандасаноат» уюшмаси ҳамкорлигида биринчи Тошкент халқаро паррандачилар форумини ташкил этди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Унда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон менежерлар ва «Паррандасаноат» уюшмалари, Халқаро паррандачилик кенгаши вакиллари, мамлакатимиз ва МДҲ давлатлари паррандачилик фабрикалари раҳбар ва мутахассислари, наслчилик материаллари, асбоб-ускуналар, озуқа қўшимчалари, ветеринария препаратлари етказиб берадиган фирма ва компаниялар ҳамда бошқа манфаатдор компаниялар вакиллари иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А. Шайхов, «Паррандасаноат» уюшмаси раиси А. Исобоев ва бошқалар бугунги кунда паррандачилик мамлакатимиз агросаноат комплексининг барқарор ва жадал ривожланаётган тармоғи эканини таъкидлади.
Форумда тармоқ олдида ҳали ўз ечимини кутаётган вазифалар тургани таъкидланди. Бу вазифаларни паррандачилик хўжаликларида барқарор ветеринария хавфсизлигини таъминлаш, янги объектлар бунёд этиш ва мавжудларини модернизация қилиш, парранда наслчилигини ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажми, маҳсулот тури ва ветеринария-санитария сифатини ошириш орқали ҳал этиш мумкин.
Шу муносабат билан соҳа мутахассислари форумда паррандачиликни ривожлантиришнинг инновацион ёндашувларини муҳокама қилиб, тармоқни янада юксалтириш борасида тажриба алмашмоқда, таклифлар ишлаб чиқмоқда. Парранда маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, катта ва кичик паррандачилик, фермер ва деҳқон хўжаликларида парранда сонини кўпайтириш муҳим масалалар сирасига киради.
«Ўзбекистон паррандачилик корхоналари билан кўпдан буён ҳамкорлик қилиб келамиз ва махсус асбоб-ускуна ҳамда препаратлар етказиб бермоқдамиз, – деди Германиянинг «Big Datchmen International» компанияси вакили В. Галле. – Шуни таъкидлаш керакки, соҳада кенг кўламли ўзгаришлар бўлаётгани самарасида Ўзбекистон паррандачилик корхоналари ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли равишда оширмоқда. Тухум ва гўшт етиштиришда бой генетик салоҳиятга эга бўлган ушбу корхоналар тармоқни янги ривожланиш босқичига олиб чиқмоқда».
Тадбирда хўжаликларнинг ветеринария-санитария ҳолатини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу нафақат маҳсулдорлик ва паррандани парвариш қилишнинг юқори кўрсаткичлари, балки маҳсулот сифати ва хавфсизлигини кафолатлаш, уларнинг юқори тиббий-биологик аҳамиятини баҳолашга боғлиқдир.
Форум доирасида паррандачилик корхоналаридаги ветеринария-санитария ва экологик ҳолатни, барча ишлаб чиқариш бўлинмалари, айниқса, ветеринария ва зоотехника хизматларининг ўзаро тизимли асосда фаолият кўрсатиши, соҳада инновацион дори воситаларини ишлаб чиқиш, бройлерни етиштиришнинг янги технологиялари каби масалалар ҳам муҳокама қилинади.
Евроосиё паррандачилар уюшмаси президенти С. Шабаевнинг фикрича, паррандани озиқлантириш, корхоналарни ветеринария, зоотехника ва бошқа замонавий ускуналар билан таъминлаш масаласи муҳокамасига бағишланган ушбу халқаро форум соҳа вакилларига ўзаро яқин ҳамкорлик муносабатларни йўлга қўйиш, долзарб масалаларни ҳал қилишда янги ёндашувларни ишлаб чиқиш ва янги ҳамкорлар топиш имконини беради.
Форум доирасида паррандачилик фабрикалари раҳбарлари, зоотехниклар, ветеринарлар ва бошқа мутахассисларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашишига йўналтирилган семинарлар, тақдимот ва баҳс-мунозаралар ўтказилади.
Изоҳ (0)