Жаҳон банки ҳамда Халқаро молия корпорацияси «Бизнесни юритиш – 2015» кўрсаткичи бўйича дунё мамлакатларининг янги рейтингини эълон қилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Унга кўра, Ўзбекистон қулай ишбилармонлик муҳити кўрсаткичлари бўйича сўнгги бир йилда 8 поғона кўтарилди. «Кредит олиш» индикатори бўйича рейтинг кўрсаткичлари бундан-да юқори ўсиши таъминланди – ўтган йилдагига нисбатан 26 поғона илгарилади. «Бизнесни бошлаш» кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон 65-ўринни эгаллаган.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан маълум қилишларича, иқтисодиётнинг барқарор ўсиши, яратилган қулай макроиқтисодий шароитлар банк тизимига ижобий таъсир кўрсатиб, депозитлар ҳажми ошиши ва банк кредитларига бўлган талабнинг кўпайишига хизмат қилмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида банклар томонидан кичик бизнес субъектларига ажратилган кредитлар ҳажми 7,3 триллион сўмга етди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар кўп демакдир.
Бир сўз билан айтганда, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг бу хулосаси Ўзбекистонда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити ва бизнес юритишнинг тобора такомиллашиб бораётганини тасдиқловчи яна бир эътирофдир, дейилади хабарда.
Изоҳ (0)