Москванинг «Внуково» аэропортида ҳалокатга учраган Falcon самолёти иши бўйича бешинчи кишига – самолёт билан тўқнашган қор тозаловчи машина ҳайдовчиси Владимир Мартиненкога айблов қўйилди, деб хабар берди «Интерфакс».
Ҳеч қандай зарар кўрмаган қор тозаловчи машина ҳайдовчиси маст ҳолатда бўлгани аниқланган ҳамда у икки суткага ҳибсга олинган эди. Ҳайдовчининг адвокати эса гумондор сурункали юрак хасталиги билан оғригани туфайли умуман спиртли ичимликлар истеъмол қилмаслигини маълум қилган. Лекин олиб борилган текширувлар натижасида Мартиненко қонида 0,6 мл алкоголь аниқланган. Шундан сўнг унинг ўзи фалокатдан бироз аввал ликёр қўшилган кофе ичганини тан олган.
«Мен ҳеч қаерга қочиб кетмайман, терговга ёрдам бераман. Бу фалокатга алоқадор эканлигимни сезяпман. Ҳозир менга жуда ҳам оғир», − деган эди Мартиненко 23 октябрдаги суд жараёнида. Ўшанда оиласи уни озод қилиш учун 1 миллион рубль товон тўлашни таклиф қилган.
Мартиненко бу иш бўйича бешинчи айбланувчи ҳисобланади. Аввалроқ стажёр диспетчер Светлана Кривсун, Внуково аэропорти диспетчери Александр Круглов, аэропортнинг аэродром хизмати етакчи муҳандиси Владимир Леденов ҳамда парвозлар раҳбари Роман Дунаевга ҳам Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 263-моддаси 3-банди (ҳаракат хавфсизлиги ва ҳаво транспортидан фойдаланиш қоидаларини бузиб, икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимини келтириб чиқариш)да кўзда тутилган жиноятларни содир қилиш бўйича айблов эълон қилинган эди. Уларнинг барчаси 7 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Ҳалокатдан сўнг аэропорт директорлари кенгаши Внуково аэропортининг бош директори Андрей Дяков ҳамда унинг ўринбосари Сергей Солнцевни ишдан четлатишга қарор қилган.
Изоҳ (0)