АҚШнинг Нью-Йорк шаҳри россиялик сайёҳлар учун дунёнинг катта шаҳарлари ичида энг қиммат мегаполис деб топилди. Бундай хулоса сентябрда бир кеча учун белгиланган меҳмонхона нархидан келиб чиқиб тайёрланган бўлиб, меҳмонхоналар нархи уларда жой буюртма қилувчи hotel.info онлайн-хизматидан олинган, деб хабар бермоқда «РИА Новости».
«Катта олма» (The Big Apple) номи билан танилган Нью-Йоркдаги меҳмонхоналар хизматидан фойдаланишни истаган мижозлар ўтган йилга нисбатан «бор-йўғи» 15,34 фоиз кўпроқ (277 доллар) тўлашига тўғри келади.
Тадқиқот натижаларига кўра, рейтингнинг иккинчи поғонасидан Лондон жой олган бўлиб, бу ерда сентябрь ойида бир кеча учун меҳмонхона нархи ўртача 200 доллар экани аниқланди.
Кучли учликни Австралия пойтахти Сидней шаҳри якунлаб берди. Ушбу мегаполис меҳмонлари сентябрь ойида бир кеча учун 199 доллар тўлаган.
Кейинги уч ўринни Цюрих (190 доллар), Париж (185 доллар) ва Норвегия пойтахти Осло (184,6 доллар) шаҳарлари эгаллаган бўлса, Сингапурдаги меҳмонхоналарда бир кеча ўтказиш учун ўртача 184,3 доллар тўлашга тўғри келган.
Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган Рио-де-Жанейро шаҳрида эса меҳмонхоналар нархи ўтган йилгига нисбатан 55 фоиз кўпроқ — 177 долларни ташкил этди.
Кейинги поғонадан 170 доллар билан Гонконг ўрин олган бўлса, кучли ўнликни Амстердам (бир кеча учун меҳмонхона нархи 168 доллар) якунлаган.
Изоҳ (0)