Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Сузоқ туманида кўпкари ўйини туфайли ёш йигитни ўлдирдилар. Бу ҳақда Сузоқ тумани ички ишлар бўлими раҳбари Нурбек Жонибеков маълум қилди, деб хабар бермоқда «Вечерний Бишкек».
Унинг сўзларига кўра, 26 октябрь куни Алмалуу қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро ўлган отаси хотирасига бағишлаб кўпкари мусобақасини уюштирган. Ўйин тугагач, ҳамма ўз уйига тарқаган. Йўлда кетаётиб, Айтиев ва Қорабековлар орасида низо келиб чиққан. Айтиевлар оиласи аъзоси бўлган бола Қорабеков оиласидагилар кўпкари вақтида унинг улоғини олиб қўйишга ҳаракат қилганини айтиб, уруш бошлаган.
«Аввалига Айтиевлар — Бакай, Манас, Ойбек ва уларнинг дўсти Қорабековлар билан уришган. Кучлар тенг келмаганлиги сабабли Қорабековлардан бири катта акаси — Қиёл Қорабековни чақириб келган. Аммо унинг бошига арматура билан урилгандан сўнг, ҳушидан кетиб қолган. Айтиевлар уни касалхонага олиб борган, лекин оғир жароҳат олган йигитнинг жони йўлда узилиб бўлган эди. Ҳозир ака-укалар ўзини касалга солиб, жавобгарликдан қочмоқда», — деб таъкидлади Жонибеков.
Бундан ташқари, айни дамда ака-укаларга қарши жиноий иш қўзғатилгани, икки ойлик назорат остига олингани қайд этилди. Ҳозир улар касалхонада эканликларини инобатга олиниб, соқчи қўйилган махсус палатага жойлаштирилган.
Изоҳ (0)