Ота-онасидан хабар олгани кетаётган киши дўстини учратиб, уни ҳам машинасига таклиф қилди. Ҳайдовчи дўстининг дўкондан нон олиши учун Тошкент вилояти Паркент тумани Хисорак қишлоғида автомобилни тўхтатганида, муқаддам зўравонлик қилиб судланган шахс уларнинг йўлини тўсди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг «Постда» газетаси хабар бермоқда.
Зўравон йигит «Бу менинг ҳудудим, тезда туёғингни шиқиллат», — дея ўдағайлаб, эшик олдидаги таёқни олиб, автомобиль эгасининг юзига туширди. Икки дўст жанжал бўлиши мумкинлигини англаб, машинани ўт олдириб, жўнаб кетди. Дўсти айтган манзилга келишганида, уларнинг ортидан етиб келган икки машинадаги бир гуруҳ йигитлар автомобилларидан тушиб, дўстларни дўппослай кетди. Кимдир машинани бошқарган дўстнинг бошига темир бўлаги билан уриши биланоқ қолган зўравонлар ҳам уни тепкилай кетди ва икки дўстни беҳуш ҳолда қолдириб, воқеа жойидан яширинди.
Дўстлар ҳамқишлоғи томонидан қонга беланган ҳолда топилиб, зудлик билан туман шифохонасига олиб кетилди. Бири ўзига келгач, воқеани айтиб берган бўлса, иккинчисининг тан жароҳати оғир бўлиб чиқди. Шунга қарамай, шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан иккала дўстнинг ҳаёти сақлаб қолинди.
Тергов жараёнида жанжални бошлаган, аввал ҳам қамалган зўравон айбини тан олмади. Бироқ гувоҳларнинг кўрсатмалари унинг қилмишини тасдиқлаб берди.
Изоҳ (0)