Навоий вилояти Хатирчи туманида истиқомат қилувчи шахс жазо муддатини ўтаб, қамалган деган тамғани орттирган бўлса-да, ўзига тегишли хулоса чиқармади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг «Постда» газетаси.
У улфатларини босқинчиликни бирга амалга оширишга кўндириб, Олтинсой қишлоғидаги хонадонга бостириб кирди. Юзларида ниқоб, қўлларида милтиқ ва таёқлар билан кириб, тўсатдан ҳужум қилган кимсаларни кўрган хонадон эгаси эсанкираб қолди.
Босқинчилар унинг қўллари ва оғзини боғлаб, қўрқита бошлади. Улардан бири дўқ қилса, иккинчиси хонадон эгасини ура кетди. Бошқа бир босқинчи уни бўғиб, пул талаб қила бошлади. Босқинчилар 700 минг сўм пулни олиб, белгиланган жойда кутиб турган «Нексия»га ўтириб, воқеа жойидан яширинди.
Даромад топишнинг бундай усулидан кўнгли тўлган босқинчилар қишлоқдаги бошқа бир ҳовлини ҳам мўлжалга олди. Улар ҳовлига яширин равишда кираётганида, уй эгасининг қизига дуч келиб, қизнинг қўл ва оғзини боғлаб ташлади. Уйни алғов-далғов қилиб, қимматбаҳо буюм топа олмагач, қизнинг қулоғидаги тилла зирак, қўлидаги икки дона тилла узук ва Nokia русумли уяли телефон аппаратини олиб, воқеа жойидан яширинишга уринди. Улар шу пайт келиб қолган хонадон эгасига ҳам тан жароҳати етказиб, зудлик билан қочиб қолди.
Босқинчилар ўлжани тақсимлаб олиш учун хатирчиликнинг уйига борди. Шу вақт эшик тақиллаб, хонадонга ҳар томондан ички ишлар идоралари ходимлари кириб, босқинчиларни қўлга олди.
Изоҳ (0)