Ўтган олти йил давомида Ўзбекистон бўйича 1 триллион 300 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 1 миллион 750 минг гектар суғориладиган ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида эълон қилинган Республика Президентининг пахтакор ва меҳнаткашларга Давлат пахта режаси бажарилгани билан йўллаган табригида қайд этилди.
Маълум қилинишича, фақатгина кейинги икки йилда пахтачилик бўйича ҳосилдорлик 24 центнердан 26,5 центнерга ошди.
Охирги йилларда Ўзбекистонда янги ғўза навларини яратиш, селексионер олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирлар туфайли 100 дан ортиқ янги навлар яратилди. Уларнинг 27 таси давлат реестрига киритилиб, амалда жорий этилаётгани ушбу тармоқнинг изчил ривожланиб бораётганидан далолат беради.
Бу йилги мавсум давомида дуч келинган мураккаб синов ва қийинчиликларни бартараф этишда интенсив агротехнологиялар оқилона фойдаланилди. Натижада ғўза қатор оралари ҳар йилгидан 4-5 марта кўп, ўртача 12 мартадан зиёд сифатли култивация қилиниб, гектарига беш тоннадан, жами 13 миллион тоннадан ортиқ маҳаллий ўғит берилди.
Ўзбекистон Президенти қутловида таъкидланишича, республика пахта хирмонининг қарийб 90 фоизи юқори сортларга топширилди.
Шу билан бирга, бугунги кунда Ўзбекистон шароитида ҳар қайси вилоят ва туман учун мос келадиган, серҳосил, юқори сифатли тола берадиган, эртапишар ғўза навларини чиқариш ва районлаштириш энг долзарб муаммо бўлиб қолмоқда.
Изоҳ (0)