22 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда қуйи палата ахборот хизматига таяниб, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Бюджетномаси — Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаларини кўриб чиқди. Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — молия вазири Р. Азимов ҳамда Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг раиси Б. Иминов маъруза қилди.
Нашрда қайд этилишича, келгуси йилги ялпи ички маҳсулотнинг саккиз фоизга, саноат ишлаб чиқариш маҳсулотининг 8,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг олти фоизга, капитал қўйилмалар ҳажмининг 9,6 фоизга ўсиши назарда тутилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджетини ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.
Изоҳ (0)