Тошкент шаҳридаги «Флешка» савдо мажмуасида янги Huawei Ascend P7 смартфони сотила бошланди. Бу ҳақда Mobinfo.uz маълумотига асосланиб «Пароль» нашри хабар берди.
Huawei компаниясининг таъкидлашича, Ascend P7 гаджети 4G LTE модулида ишлайдиган смартфонлар орасида энг ингичкаси. Унинг дизайни ундан олдинги Ascend P6 билан бир хил, аммо ўлчамлари бир-биридан фарқ қилади.
Ascend P7 смартфонида 5 дюймли FullHD дисплей, 1,8 ГГц частотага эга тўрт ядроли процессор, 2 Гб тезкор ва кенгайтириш мумкин бўлган 16 Гб ички хотира, 2500 мА·соат қувватга эга батарея, 8 мегапикселли олд ва 13 мегапикселли орқа камера, Android 4.4 KitKat операцион тизими ўрнатилган.
Батареясининг қуввати тинимсиз гаплашилганда 14 соатга етади. Унинг ўлчамлари 13,9×6,8×6,5 милиметрни, оғирлиги эса 124 граммни ташкил этади. Ушбу смартфон 21 октябрь ҳолатига кўра «Флешка» савдо мажмуасида 1 280 000 сўмдан сотилмоқда. Ascend P6 смартфонини эса 960 000 сўмга харид қилиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Huawei Ascend P7 смартфони Ўзбекистонда сотилаётган кам сонли 4G модулида ишлайдиган қурилмалар қаторидан ўрин олган. Шунингдек, у зўр селфи суратлар оладиган смартфонлар орасида ҳам мавжуд.
Изоҳ (0)