Америкалик хонанда Майкл Жексон Forbes журнали танловига кўра, энг бой марҳум юлдузлар рейтингида яна бир бор биринчи ўринни эгаллади, деб хабар бермоқда «Кун».
Маълум бўлишича, 2013 йил октябридан 2014 йил октябригача хонанданинг ижодий мероси 140 миллион доллар миқдорида фойда келтирган.
Хусусан, Жексоннинг ўлимидан сўнг унинг иккинчи — Xscape номли альбоми чиқарилди, бундан ташқари, Billboard Music Awards’да хонанданинг голограммаси «чиқиш» қилди.
Forbes рейтингида иккинчи ўрин «рок-н-ролл қироли» Элвис Преслига насиб этди. Сўнгги бир йил давомида унинг ижодий мероси 55 миллион доллар ишлаб топди.
Учинчи ўрин эса Чарли Браун исмли бола ва унинг Спуни лақабли ити тўғрисидаги Peanuts комикслари муаллифи, карикатурачи-рассом Чарльз Шульцга насиб этди (40 миллион доллар).
Тўртинчи ўриндан актриса Элизабет Тейлор (25 миллион доллар), бешинчи поғонадан эса мусиқачи Боб Марли (20 миллион доллар) жой олган.
Ундан кейинги ўринларда Мэрилин Монро (17 миллион доллар), The Beatles гуруҳи вакили Жон Леннон (12 миллион доллар), олим Альберт Эйнштейн (11 миллион доллар), ёзувчи ва мултпликатор Теодор Гейзель (тўққиз миллион доллар), актёр ва жанговар санъат устаси Брюс Ли (тўққиз миллион доллар), актёр Стив Маккуин (тўққиз миллион доллар), актриса Бетти Пейж (тўққиз миллион доллар) ва актёр Жеймс Дин (етти миллион доллар) жой олган.
Изоҳ (0)