Узоқ пайтли синов ва текширишлардан сўнг, 15 октябрь куни Google компанияси Android 5.0 Lollipop операцион тизимини расман эълон қилди. Бу ҳақда The Verge маълумотига асосланиб «Пароль» нашри хабар берди.
Android’нинг янги версияси илк фаолиятини Nexus 6 смартфони, Nexus 9 планшети ва Nexus Player телевизорларида бошлади. Яқин орада эса ушбу версия Nexus 4, Nexus 5, Nexus 7, Nexus 10 ва бошқа Android қурилмалари учун фойдаланишга топширилади.
Google Material Design деб номлаган концепциясида Android’нинг янги версияси кўзга аниқ ташланадиган бир қанча ўзгаришлар, янги анимациялар, қалинроқ ранглар билан тиниқ дизайн ва овоз ёрдамида қурилмани бошқаришнинг янги усулларига эга. Material Design концепцияси биз кундалик фойдаланадиган смартфон, планшет, медиа буюмлари ва бошқа қурилмаларни бирлаштириш маъносини билдиради.
Шунингдек, янги Android версиясида билдиришномаларни мажлис ёки бошқа пайтларга мослаш учун янги созламалар қўшилган. Батарея қувватини тежашда эса смартфоннинг қайта зарядлашгача бўлган умрини яна 90 дақиқага ошириш мумкин. Қурилмани янги ишлаб чиқарилган ҳолати — Factory Default’га келтириш учун эса қўшимча тўсиқлар қўйилган. Бу билан қурилма ўғирланса, ундан фойдаланишларига қийинчиликлар келтириб чиқаради.
Android 5.0 Lollipop операцион тизимида 2011 йил тақдим этилган Android 4.0 Ice Cream Sandwich’дан кўра кўпроқ ва улкан ўзгариш ҳамда яхшиланишларни кўриш мумкин. Google келажак учун операцион тизим ишлаб чиқмоқда. У биз фойдаланадиган, бир-бири билан боғланган ҳар бир қурилмада Android бўлишини истайди. Lollipop эса бунга илк қадамлардан бири бўлди.
Шунингдек, 15 октябрь куни Google компанияси янги Nexus 6 смартфони ҳамда Nexus 9 планшетларини ҳам тақдим этди.
Изоҳ (0)