Роппа-роса 1 йил аввал, аниқроғи 2013 йил 14 октябрь куни хуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг Xushnudbek.uz сайти ишга тушган эди. Бу ҳақда Хушнудбек Худойбердиев ўз сайтида хабар берди.
«Ўтган давр мобайнида сайт орқали қатор янгиликлар, хабарлар, таҳлилий-танқидий мақолалар бериб боришга ҳаракат қилдим. Албатта қилинмаган ишлар ҳам анча-мунча. Баъзан дангасалигим туфайли, баъзан эса асосий иш жойимдан вақт орттира олмаганимдан кўп лойиҳалар фақат ҳаёлда-ю, мияда қолиб кетди», — дейди Xushnudbek.uz сайти раҳбари.
Хушнудбек 2012 йилнинг август—сентябрь ойларида Facebook ижтимоий тармоғи орқали «Қонунчиликдаги янгиликлар» рукни остида бир нечта постлар қолдира бошлаган эди. Мазкур постларда қонунчиликда бўлаётган ўзгаришлар тўғрисида маълумотлар бериб бориларди.
Хушнудбекнинг таъкидлашича, унинг 27 сентябрь куни Facebook’да қолдирган мана бу пости якунда Xushnudbek.uz сайтининг дунёга келишига тамал тоши бўлган. Ўшанда ЎФФ матбуот котиби Санжар Ризаев изоҳ қолдириб, «Сиз блог очинг бир» деган таклифни илгари сурган ва бу таклиф RedPoll компанияси раҳбари Ҳамза Фозилжонов томонидан қўллаб-қувватланган.
«Шу таклифларни ўйлаб кўриб, блог очишга аҳд қилгандим ва 2012 йил 27 сентябрь куни xushnudbek.blogspot.com манзилида ўзимнинг блогимни очдим. 2013 йилнинг 17 апрелида Xushnudbek.uz доменини олдим ва ўша кундан буён блогимга мазкур манзил орқали ҳам кирса бўладиган бўлди», — деди ҳуқуқшунoс.
«Шундай кунларнинг бирида, «Мулоқот» сайтлар тармоғи раҳбари Фарҳод Файзуллаев яхши бир таклиф билан чиқдилар. Яъни менга текинга сайт яратиб беришни, барча техник ва дизайн ишлари, хостинг масалалари «Мулоқот» томонидан бажарилишини маълум қилдилар. Бугунги кунда яхши сайт очишнинг дастурий таъминоти анча-мунча моддий маблағ талаб қилишини ҳисобга олсак, бу жуда қувонарли таклиф эди», — дея хотирлайди Хушнудбек Худойбердиев.
Бу таклиф Хушнудбек томонидан қабул қилинган ва Фарҳод Файзуллаевнинг кўмаги билан Xushnudbek.uz сайти дунё юзини кўрган. Кейинчалик бу ҳақда Фарҳод Файзуллаев «Дарё» нашрида хабар берган.
Xushnudbek.uz сайтига илк хабар 2013 йил 14 октябрь куни жойланган.
Бир йил ичида Xushnudbek.uz сайти эътироф этишга арзигулик ютуқларни ҳам қўлга киритди. Хушнудбекнинг сўзларига кўра, нокамтарлик бўлса ҳам, олиш мумкин бўлган деярли ҳамма совринларни олиб бўлди. Қуйида улар билан танишишингиз мумкин.
- 2014 йил 28 январь куни Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан ташкиллаштирилган «Жамият ва мен – 2013» танловининг «Интернетдаги энг яхши мақола» номинацияси ғолиби;
- 2014 йил 2 май куни «Олтин қалам» Миллий мукофотининг «Журналистикада ижтимоий масалаларни ёритишда инновацион ечим ва ёндашувлар» номинацияси соҳиби;
- 2014 йил 22 сентябрь куни Миллий «Уз» доменлари Интернет-фестивалининг «Энг яхши шахсий саҳифа» номинациясида иккинчи ўрин;
- 2014 йил 23 сентябрь куни MIT.uz – Миллий интернет танловида «Энг яхши таҳлилий сайт» номинациясида совриндор.
Xushnudbek.uz сайти орқали бир қатор лойиҳалар амалга оширилди. Масалан, футбол бўйича жаҳон чемпионати вақтида Stadion.uz сайти билан ҳамкорликда «ЖЧ-2014 викторинаси» ташкиллаштирилди. ОТМларга бўлиб ўтган қабул жараёнлари вақтида Kun.uz сайти билан ҳамкорликда «Абитуриент-2014» лойиҳаси амалга оширилди. Иккала лойиҳа ҳам муштарийларда катта қизиқиш уйғотди. Масалан, «Абитуриент-2014» лойиҳасини 5 минг нафардан ортиқ киши бевосита Xushnudbek.uz сайти орқали кузатиб борган.
2013 йил 7 декабрь куни Xushnudbek.uz сайтида «Биз билан боғланиш» функцияси ишга тушди. Бугунги кунгача ушбу хизмат орқали қилинган мурожаатлар сони 373 тани ташкил қилмоқда.
Бир йил давомида Xushnudbek.uz сайтига 104 минг марта ташриф буюрилган. Агар уникал ташриф буюрувчилар сонига қарасак, 62 мингга яқин киши ушбу сайтга қадам ранжида қилганлигини кўришимиз мумкин.
Xushnubek.uz сайтига энг кўп ташриф 2014 йил 28 май куни бўлган. Шу куни сайтга 7 279 марта ташриф буюрилган ва бу ҳозирча рекорд бўлиб турибди. Ўша куни сайт Ўзнет тармоғидаги рейтингда рекорд даражада юқорилай олган ва 24-ўринга кўтарилган.
Биз ҳам Хушнудбек Худойбердиевни Xushnudbek.uz сайтининг бир ёши билан табриклаймиз. Унинг ишларида улкан зафарлар тилаймиз.
Изоҳ (0)