Донбассдан мажбуран кўчиб келаётганларнинг аксарият қисми яшаш учун Запорожье вилоятини танламоқда. Бу ҳақда Украина Юқори Радасининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Валерия Лутковская берган маълумотларга таянган ҳолда Korrespondent.net хабар бермоқда.
Унинг қайд этишича, аввал мамлакат ичида кўчирилганлар сони бўйича Харьков етакчи ўринни эгаллаб келган. «Аммо ҳозирги кунга келиб бу борада энг катта кўрсаткич Запорожье вилоятида кузатилмоқда, ундан кейинги ўринларда — Харьков, Днепропетровск, Киев ва Львов турибди», — деб қайд этди Украина омбудсмани.
Лутковская қочоқларга Украинанинг бошқа минтақаларига ҳам эътибор қаратишни маслаҳат бермоқда. Хусусан, унинг сўзларига кўра, Полтава вилоятининг ўзигина 18 минг қочоқларни қабул қилиш ва уларга яшаш учун шарт-шароит яратиб беришга тайёр.
Унинг маълум қилишича, ҳозирги кунда Украинада Қрим ва Донбассдан келган 399 964 киши рўйхатга олинган.
«Фавқулодда вазиятлар бўйича Давлат хизмати сайтида вилоятларга кўчиб келганлар учун яшаш жойлар сони, шунигдек, уларнинг атрофида мактаб ва иш ўринлари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотларга эга бўлишлари мумкин», — деб таъкидлади омбудсман.
Изоҳ (0)